ИБЛИС ДЕВОРИ
- Author: Тоҳир МАЛИК
- Language: O'zbek tilida
- Writing: Кирилл ёзувида
- Publisher: ШАРҚ
- Year: 2006
- Views: 126
Бир мамлакатга ғаним ҳужум қилиб, икки ака-ука жангга отланишибди. Улар сингилларини инсоф эгаси ҳисобланган бир танишларига қолдирибдилар. Қиз жуда гўзал экан, у кишига иблис васваса қила бошлабди. Охири у одам гуноҳга ботибди-ю, “акалари келса нима деб жавоб қиламан?” деб қўрқибди. Иблис “Қизни ўлдир-да, оғилхонага кўмиб қўй, акалари келганда “сингилларинг қочиб кетди”, дейсан”, деб ўргатибди. Шундай ҳам бўлибди. Акалар ажабланиб туришганда иблис уларга бўлган гапни айтиб берибди, қиз кўмилган жойни кўрсатибди. Подшоҳ у одамни ўлимга ҳукм қилибди. Зинокор бўйнига сиртмоқ ташланганида яна иблис пайдо бўлибди. “Сен мени шу аҳволга солдинг!” дебди у одам нафрат билан. “Сен мендан ўпкалама, истасанг сени ўлимдан олиб қолай. Шартим шуки, менга бир мартагина сажда қиласан”. “Қандай сажда қиламан, бўйним сиртмоқда-ку?” дебди у одам. “Сен менга саждани ният қил-да, бошингни мен томон эгсанг бас”, дебди иблис. Одам иблиснинг айтганини бажариб, бошини у томон эгиб сажда қилган экан, сиртмоқ тортилиб, бўғилиб ўлибди - дунёдан иймонсиз кетибди.
Ҳа, иблис барчани шундай васвасага солиб, йўлдан чиқармоқни истайди. Унинг ўз олами бор. Баъзилар “тўғри яшаяпман”, деб ўйлашади-ю, бироқ, шайтанат оламига кириб бораётганларини, оқибат эса иблис сиртмоғига тушиб қолганларини сезишмайди. Ёзувчи Тоҳир Маликнинг “Шайтанат” асари китобхонларни шайтон бошқарувчи олам билан таништирган эди.
Сўнг “Шайтанатнинг турфа олами” туркумида “Мурдалар гапирмайдилар” китоби нашр этилган эди. Бу асарларда ашаддий жиноятчилар ҳаёти қаламга олинганди. Шайтанат - фақат қотиллар ёки ўғрилар олами эмас. Иблис ҳар бир одамнинг руҳини парчалаб, ўз оламига тортишга уринаверади, яъни инсоннинг маънавий оламини булғашга интилади. Оқибатда кимларнингдир маънавий олами қашшоқлашади-да иблис тақдим этган оламга кириб боради.
Аммо у ўзини зинҳор жиноятчи ҳисобламайди. Ҳолбуки... руҳларни азобга қўйиш ҳам жиноятдир. “Бир қоринга сиққан болалар бир ҳовлига сиғишмайди...” Бу мақолда қанчалар ҳақиқат бор? Ота-она вафотидан кейин нима учун фарзандлар юзкўрмас бўлиб кетадилар? Шайтанат оламига кириб қолганлари учун эмасми? Ота-оналари руҳи азоб чекишини нечун ўйламайдилар? Ёзувчи Тоҳир Малик мазкур янги асарида сиз, азиз китоб муҳлисларини шу мавзуда баҳс юритишга даъват этади. Китобга ёзувчининг янги ёзган ҳикоялари билан бирга қайта таҳрирдан чиққан битиклари ҳам жамландики, буларда ҳам иблис етовидаги ёки ундан нафратланувчи инсонлар образи гавдаланади.