БИЛЛУР ҚАНДИЛЛАР
- Author: Одил ЁҚУБОВ
- Language: O'zbek tilida
- Writing: Кирилл ёзувида
- Publisher: Адабиёт ва санъат
- Year: 1975
- Views: 116
Андижон — Москва поезди Тошкентга барвақт келаркан. Кечаси вагонда танишган хушқад,
хушсурат, хушчақчақ лўли йигит Ҳикматиллони уйғотиб, чамадонини вокзал майдонигача
кўтаришиб чиқди. Хайрлашаркан, оғиздан тамаки ва ароқ ҳидини буруқситиб, елкасидан қучди:
— Хизматдан қайтаётганингда Саратовга кириб ўт, сержант! Партизан кўчаси — 96.
Қайнисинглимни кўрдинг-ку, ҳуснда танҳо! Ўзиям қизмисан қиз-да! Қуйиб қўйган ўзбечка!
Хотинликка олсанг кейин хурсанд бўласан. Сен эмас, у сени бошига кўтариб боқади. Лаббай?
Лўли йигит Ҳикматиллонинг кафтини чап қўлига олиб, ўнг қўли билан шарақлатиб урди-да,
поездга қараб югуриб кетди.
Ғира-шира қоронғиликда шаҳар аниқ кўринмас, фақат ҳарир туман ортида олис-олисларга
қанот ёзган улкан шаҳар эмас, ҳисобсиз юлдузлар сочилган сокин денгиз мавж урар эди...
Салқин. Лекин совуқ эмас. Ҳикматилло хизмат қилаётган Новосибирск томонларда ҳозир
қор тиззадан келади, ҳар ҳолда икки ҳафта олдин, у отпускага кетаётганда, шаҳарни қалин қор
босган, бу ерда, Тошкентда эса ҳануз куйлакчан юрса бўларди...